Тавалло
Кўнгил битиклариҲар жонни асрасин Ўз паноҳида,
Қоқилмай яшасин ҳар битта инсон.
Қувончдан куйласин, кўз қароғида
Порласин бахт учун минг битта имкон.
Ғурурга тўлдирсин оналар кўксин
Дилбанди эришган бахт-саодати.
Оталар қаддини тоғдек тик тутсин
Мард, танти фарзандлар шахд-шижоати.
Ҳар ким ҳам меҳрдан топсин ҳаловат,
Муҳаббат борлиғин айласин сармаст.
Жигар-дўст, ёронлар бўлсин саломат,
Тилидан тушмасин шукр ҳар нафас.
Тинчликда бардавом бўлсин умримиз,
Ҳеч завол кўрмайлик, бўлиб соғ-омон.
Келажак – интиқдир, равон йўлимиз
Элитсин бизларни бахт қасри томон.
© Дилшод Абдуазизов,
2014 йил 15 март.